QR-код (Quick Response Code) – тезкор аниқланадиган код ҳисобланади. Ушбу код объект ҳақидаги маълумотни ўзида мужассам этади. QR-код Японияда ихтиро қилинган ва фақат автомобиль саноатида ишлатилган. Аммо вақт ўтиши билан бу тизимнинг афзалликлари, хусусан, маълумотни тезкор аниқлайдиган қобилияти мавжудлиги туфайли нафақат автомобиль соҳасида, балки бошқа йўналишларда ишлатилиб келинмоқда.
QR-код оқ ранг устида квадрат сеткасида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат бўлиб, смартфон камераси каби тасвирни қайта ишлайдиган мосламалар ёрдамида ўқиш мумкин.
Ушбу код асосан гиперҳавола сифатида ишлайди ва бундай расм (QR-код)да матн шаклида жойлаштириш ноқулай бўлган ёки қимматга тушадиган маълумотлар мавжуд. Улар 4296 белгигача (символ) бўлиши мумкин.
Бугунги кунда QR-код алоқа (коммуникацион) жараёнларини оптималлаштиради, масалан, у ёрдамида:
- визиткада телефон номерни шифрлаш мумкин ва бир марта босишнинг ўзи билан контактлар рўйхатига қўшиб қўйиш;
- интернет ҳаволаси бўйича тезкор ўтиш;
- электрон хат ёки SMS юбориш;
- манзилнинг жойлашувини аниқлаш;
- Wi-Fi (интернет) роутерига автоматик тарзда уланиш мумкин.
Буларнинг ҳаммасидан ташқари ушбу тизим кундалик ва турли савдо жараёнларини сезиларли даражада оптималлаштирди. Бу кичик квадратларни маҳсулот ёрлиғида, коммунал хизматлар квитанциясида ёки веб-сайт саҳифаларида топиш мумкин.
"QR-online" - Uzcard ва HUMO тўлов терминалларининг тўлақонли муқобилидир. Ушбу тизим тўлов ва пул ўтказмалари (QR-тўловлари) учун жуда қулай янгилик бўлди. Ушбу онлайн имконият Ўзбекистонда электрон тижоратни мувоффақиятли ривожлантирмоқда, чунки у шахсга нақд пул ёки банк карталарини олиб юрмаслик имконини беради. Тўлов учун зарур бўлган барча маълумотлар тўлов иловаси ичида мавжуд бўлади.
QR-код ёрдамида тўловларни амалга ошириш тамойиллари
Агар сотувчи ёки хизмат кўрсатувчида QR-код ёрдамида тўлаш имконияти мавжуд бўлса, улар банк карталарини қабул қилиш учун савдо терминалига муҳтожлик сезмайди. Шунда харидорга банк картасини олиб юриш ҳожати ҳам қолмайди ва бунинг устига картасини бошқа одамнинг қўлига бериш хатаридан ўзини ҳимоя қилади. Агар тўлов - онлайн ҳарид бўлса, банк картаси ёки шахсий маълумотларни интернет сайтларига киритиш шарт бўлмайди.
QR-код ёрдамида қандай тўлаш керак?
- Смартфонга тўловлар учун иловани (Payme, Click ва ҳоказо) юклаб олиш лозим. Илова QR-код тизимини қўллаб-қувватлаши керак;
- Банк картасини иловага боғлаш керак бўлади;
- Тўлов иловасидан фойдаланиб QR-код (маълум бир маҳсулот ёки хизмат учун шакллантирилган код)ни сканерлаш лозим;
- Смартфон экранида пул маблағларини қабул қилувчи ҳамда ҳарид нархи кўрсатилади;
- Тўловни тасдиқлаш.
Cавдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари “QR-online” тизими орқали мижозлардан қабул қилинган ва банк ҳисобварақларига кирим қилинадиган маблағларни “Теlegram” тармоғидаги “@onlineqrbot” канали, мижознинг банк шахсий кабинети ҳамда sms-хабарнома хизмати орқали онлайн режимида назорат қилиб боришлари мумкин.
Ҳозирги кунда ушбу тизимни Тошкент шаҳрида татбиқ этиш доирасида тижорат банклари томонидан 3,5 мингдан ортиқ хўжалик субъектларининг савдо ва хизмат кўрсатиш пунктлари тегишли “QR-online” тизими стикерлари билан таъминланди.