Электрон пуллар ўзи нима?

Охирги янгиланиш:  11.Мар.2024 3:55 PM
610
Электрон пуллар ўзи нима?
2

Кўпчилик электрон пулларни криптовалюта билан адаштиради. Аслида, бу сўмнинг эквиваленти бўлиб, унинг айланиши фақат электрон тизимда амалга оширилади.

Рақамли (электрон) пуллар – бу нақд пулнинг компьютер воситаларида акс этадиган ахборот-тимсолий эквиваленти. Кўплаб манбаларда электрон пулларга Марказий банкнинг рақамли валютаси, онлайн ҳамёнлардаги пул каби тўлов воситаси сифатида қаралади.

Аниқ тушуниб олиш керакки, кўплаб мамлакатлар, шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, электрон пул деганда, эмитентнинг электрон шаклда сақланадиган (пул воситаларининг ҳисоби тегишли банкда очилган махсус ҳисобда юритилади) ва тўлов воситаси сифатида қабул қилинадиган, сўзсиз ва қайтариб бўлмайдиган пул мажбуриятлари тушунилади.

Бошқачароқ қилиб айтганда, бу банк мажбуриятида бўлган электрон ҳамёнлардаги валютадир. Хавф даражасини камайтириш (асосан, рақамли пуллар бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажариш билан боғлиқ) мақсадида, эмитент бўлишга фақатгина банкларга рухсат берилади.

Электрон ҳамён нима?

Электрон ҳамён – электрон пулларни бошқаришга ёрдам берадиган виртуал инструмент саналади. Масалан, унинг ёрдамида харид ёки хизматлар учун тўлов қилиш, ўтказмаларни амалга ошириш ва ҳ.к. мумкин.

Жисмоний шахс бўлган харидорлар учун электрон пуллар қулай: 

Банк карталари

Электрон пуллар

Банк ҳисоб варағи очиш талаб этилади

Жисмоний шахс бўлган харидор электрон ҳамённи банкка бормасдан очиши мумкин

Операцияларни амалга ошириш вақтида банк картаси ҳисоб-варағига мурожаат қилиш талаб этилади

Пул муомаласи бевосита электрон ҳамёнлар орқали амалга оширилади (тегишли банк комиссиялари ушлаб қолинмайди, харажатлар камаяди) 

Тижорат банклари банк карталарини очаётганда мижозни идентификация қилиши керак

Электрон ҳамён эгаси идентификациядан ўтиши ёки ўтмаслиги мумкин (шунга қараб, максимал лимитлар белгиланади)


Электрон пулларнинг асосий устунлиги сифатида транзакцияларнинг арзонлиги, портативлик, хавфсизлик ва асосий тўлов тизимларидан қисман мустақилликни айтиш мумкин.

Банк карталари орқали тўловларни амалга оширишда тўлов тизими иштирокчилари ўртасида кўплаб амалиётлар – ҳисоб мавжудлигининг верификациясидан то унда етарли маблағ борлигини текширишгача бўлган ишлар содир бўлади. Электрон пуллар тизими ҳақида гапириладиган бўлса, улар эгасининг ўзида сақланиб, транзакция жараёнини сезиларли даражада осон ва арзонроқ қилади.

Рақамли пул воситалари нақдсиз пулларнинг бир тури сифатида, сақлаш ва олиб юриш учун қулайдир. Барча тизим операторлари электрон ҳамёнга рухсатсиз киришдан пул воситаларини ҳимоялашга қаратилган пароль ўрнатиш ва хавфсизликнинг бошқа воситаларини тақдим этади. Бундан ташқари, электрон ҳамёнлардан текширилмаган интернет-платформаларда тўловларни амалга ошириш учун (банк картасини улаш ўрнига) фойдаланиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги электрон пуллар фақат миллий валютада бўлиши керак.

2024 йилнинг февраль ойидан бошлаб қуйидаги электрон пул тизимлари амал қилади:

  1. OSON
  2. E-CARD
  3. CLICK
  4. alif.mobi
  5. A-pay
  6. 1HLSW
  7. GlobalPay
  8. Payway
  9. Apelsin
  10. ExMoney
  11. UZUM NASIYA 
  12. UCOIN
  13. PAYNET WALLET
Электрон ҳамён қандай очилади?

Ўзбекистонда электрон ҳамён очиш учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

  • тўлов ташкилотининг мобил иловасини юклаб олиш
  • рўйхатдан ўтиш
  • идентификациядан ўтиш
Электрон пуллардан қандай фойдаланиш мумкин?
  • Товар ва хизматлар (коммунал тўловлар, чакана савдо дўконлари,кинотеатрлар, мобил операторлар, интернет дўконлар, телевидение, интернет провайдер, совға сертификатлари) учун тўловларни амалга ошириш
  • Электрон ҳамён эгалари ўртасида ўтказмалар (Р2Р)
  • Электрон ҳамёндан банк картасига ўтказмалар
Электрон ҳамёнларнинг қандай турлари ва лимитлари мавжуд?

Жисмоний шахслар учун

Электрон ҳамён тури Лимитлар
Идентификациядан ўтмаган электрон ҳамён Битта электрон қурилмада сақланадиган электрон пулларнинг максимал миқдори 5 БҲМдан* (1 700 000 сўм) ошмаслиги зарур

Битта транзакциянинг максимал миқдори 1 БҲМдан ошмаслиги зарур

Идентификациядан ўтган электрон ҳамён

Битта транзакциянинг максимал миқдори 100 БҲМдан (34 000 000) ошмаслиги зарур

ЯТТлар / юридик шахслар учун

Махсус электрон ҳамён

Фақат сотилган товар ёки кўрсатилган хизмат тўловларини қабул қилиш учун фойдаланилади

Электрон пуллар ёрдамида қандай операцияларни амалга ошириш мумкин эмас?

Электрон ҳамёндан банкоматлар орқали нақд пул ечиш мумкин эмас. Бироқ эмитент банкка бориб ёки тизим агентидан электрон пуллар эвазига нақд пул олиш мумкин.

Электрон ҳамён ҳисобини қандай тўлдириш мумкин?

Электрон ҳамён ҳисобини нақд ва нақдсиз йўл билан тўлдириш мумкин:

Нақд шаклда тўлдиришнинг қуйидаги усуллари бор:

  • Банкоматларда;
  • POS-терминалларда;
  • Инфокиоскларда

Нақдсиз шаклда тўлдириш қуйидаги воситалар ёрдамида амалга оширилади:

  • Бошқа электрон ҳамёнлардан ўтказиш;
  • Банк карталаридан ўтказиш;
  • Банкдаги ҳисоб рақамларидан ўтказиш
Электрон ҳамёндаги пулларни қандай ечиб олиш мумкин?

Электрон пул тўлаш учун операторга (тўлов тизими операторига), эмитент банкка ёки агентга мурожаат қилиш керак.

Электрон пулларни ечиб олишда пул маблағлари мижоз хоҳишига кўра, унинг банк картасига ва банк ҳисоб рақамига тушириб берилиши ёки нақд шаклда (бунда маълум миқдорда комиссия ундирилиши мумкин, электрон ҳамён очишда шарт ва мажбуриятларни диққат билан ўрганиш зарур) берилиши назарда тутилган.


Ўзбекистонда 01.12.2023 йилдан бошлаб БҲМ ойига 340 000 сўмни ташкил этади





Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Электрон ҳамён нима?

Электрон ҳамён нима?

Пул ўтказмаларини амалга оширишда хатога йўл қўйсангиз ёки пул маблағлари қабул қилувчига етиб бормаса нима қилиш зарур?

Пул ўтказмаларини амалга оширишда хатога йўл қўйсангиз ёки пул маблағлари қабул қилувчига етиб бормаса нима қилиш зарур?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X