Сизнинг қўлингизда ҳунарингиз бор, жисмоний ва юридик шахсларга маиший ва техник хизмат кўрсатасиз, хусусий репититорлик, тренерлик ва консультантлик ёки таржима қилиш хизматлари билан шуғулланасиз, ижтимоий тармоқларда фаолият юритасиз, дастурлаш хизматларини тақдим этасиз1. Демак, билингки, сиз ўзини ўзи банд қиладиган шахс – фрилансер ҳисобланасиз.
Ҳозирги кунда, ўзини ўзи банд қиладиган шахслар ўз фаолиятини давлат солиқ қўмитасидан рўйхатдан ўтказиш орқали иш стажига эга бўладилар. Бунинг учун ўзини ўзи банд қиладиган шахс сифатида солиқ идоралари ёки Давлат солиқ қўмитаси мобил иловасидан рўйхатдан ўтиб, йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50%и, яъни 122 500 сўмни тўлаш орқали бир йиллик иш стажига эга бўлишингиз мумкин. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади. Шу орқали сиз ўз пенсиянгизни таъминлашингиз мумкин.
Ўзини ўзи банд қиладиган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш учун қуйидагиларни амалга оширинг:
- Давлат солиқ қўмитасининг “Soliq” мобил иловасини юкланг ва ўрнатиб олинг;
- Ўзини ўзи банд қилиш бўлимига ўтинг;
- ЖШШИР (ПИНФЛ) рақамини (паспортдаги 14 рақам)
ва телефон рақамингизни киритинг; - Телефон рақамингизга келган тасдиқлаш кодини киритинг ва тасдиқлаш тугмасини босинг;
- Фаолият турини қўшинг;
- Фаолият жойини танланг ва рўйхатдан ўтиш тугмасини босинг;
- QR кодингизни юклаб олинг.
Эслатма! Иловада хизмат ва маҳсулотингизни бепул реклама қилиш, буюртма олиш, даромад ва харажатлар ҳисобини юритиш имкониятига эга бўлади.
Рўйхатдан ўтиш солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун сизда soliq.uz сайтига кириш учун интернет бўлиши лозим.
Агар сизда смартфон ва интернетга уланиш имконияти бўлмаса, меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ҳудудингиздаги давлат солиқ органига мурожаат этинг. У ерда сизга солиқ органи ходими кўмаклашади. Рўйхатдан ўтиш учун эса паспортингиз бўлса кифоя.
Эслатма! Рўйхатдан ўтиш мутлақо текин!
Яна бир ажойиб янгилик! Эндиликда, «Номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш» фаолияти ҳам ўзини ўзи банд қиладиган шахслар сафига киритилди2.
Ўзига хос вазиятлар таҳлили:
Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шартнома асосида ташкилотлар (юридик шахслар)га бир марталик хизматлар кўрсатиши мумкин. Кўрсатилган хизмат эвазига тўланган ҳақ ҳисобидан солиқ тўланмайди.
Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар топаётган даромади солиққа тортилмайди.
Агар ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат фаолиятини тугатмоқчи бўлса, олдиндан давлат солиқ хизмати органига фаолиятни тўхтатиш тўғрисидаги билдиришномани «SOLIQ» махсус мобил иловаси ёки шахсий кабинет орқали юбориши лозим.
Кредитни асосий шартлари:
- Суммаси: 33 750 000 сўмгача
- Муддати:3 йилгача 6 ой имтиёзли давр билан
- Фоизи: 14%
Зарур ҳужжатлар:
- Ариза;
- Паспорт нусхаси;
- Маҳсулот етказиб берувчилар билан тузилган электрон шартнома.
Эътибор қаратинг! Кредит бўйича қўшимча маълумотларни тижорат банкларининг веб-сайтларига кириб ёки call-марказга қўнғироқ қилиб батафсил билиб олишингиз мумкин.
1 Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари РЎЙХАТИ, ЎзР Президентининг 08.06.2020 йилдаги ПҚ-4742-сонли қарорига илова
2 ЎзР ВМнинг 2020 йил 23 декабрда қабул қилинган «Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 806-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низом