Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Охирги янгиланиш:  23.Сен.2021 3:05 PM
8469
Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар
41

Ҳозирги вақтда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун қатор имкониятлар тақдим этилмоқда. Улардан бири – бу ёшларнинг инвестицион тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун тақдим этилаётган имтиёзли кредитлар.

Демак, ушбу кредитлар айнан қайси лойиҳалар учун ва қандай шартлар асосида тақдим этилишини қуйида кўриб чиқамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5088 сонли қарорига мувофиқ, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳамда Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Ушбу Саноат зоналарида «стартаплар» ташкил этиш, ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари, шу жумладан, инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнига жорий этиш ва натижаларини тижоратлаштириш, йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш учун барча шароитлар таъминланади.

Сизнинг ёшингиз 18-30 орасида ҳамда сиз ўз лойиҳангизни Ёшлар саноат зонасида жойлаштирмоқчи бўлсангиз тадбиркорлик лойиҳасига қўйиладиган талабларни кўриб чиқамиз:

  1. 1. Ушбу ёшлар Саноат зоналарига, асосан, ёш тадбиркорларнинг инновацион, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутувчи ҳамда патент асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таъминловчи стартап инвестиция лойиҳалари жойлаштирилади.
  2. 2. Яратиладиган янги иш ўринларининг камида 70 фоизи ёшлар учун мўлжалланган, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш назарда тутилган инвестиция лойиҳалари устуворликка эга бўлади.
(!) Бундай лойиҳаларни молиялаштириш учун имтиёзли кредитлар олиш мумкин.

Имтиёзли кредитлар қандай мақсадлар учун ажратилади?

Имтиёзли кредитлар ёш тадбиркорларга барча йўналишдаги инвестицион лойиҳалар учун ажратилади:

- мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш;

- тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея;

- кимё, фармацевтика;

- озиқ-овқат;

- электротехника саноати, машинасозлик, замонавий қурилиш материаллари;

- ҳунармандчилик ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари.

Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратиладиган ушбу кредитларнинг шартлари қуйидагича:

- Миқдори - 100 минг АҚШ доллари эквивалентигача

- Муддати - 7 йил

- Фоиз ставкаси - 14% (миллий валютадаги кредитлар) ва 3% (хорижий валютадаги кредитлар)

Агар инвестиция лойиҳалари қиймати 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошса, ошган қисми учун ҳам кредит олиш мумкин.

(!) Бунда кредитлар тижорат банклари томонидан умумий тартибда тақдим этилади.

Дейлик, ажойиб инвестицион лойиҳангиз бор, ушбу лойиҳа Саноат зоналаридан бирида жойлаштирилиб сизга тижорат банки кредит ажратишга рози бўлган тақдирда, бундай суммадаги кредит бўйича гаров таъминоти сифатида нималарни тақдим этиш мумкин?

Кредит бўйича қуйидагиларни гаров таъминоти сифатида келтиришингиз мумкин:

1. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан инвестицион лойиҳалар учун ажратилган кредитлар бўйича кредит суммасининг
50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади;

2. Суғурта ташкилотлари[1] томонидан йиллик 2 фоиз ставкасида кредитни қайтмаслик хатаридан суғурталовчи полис тақдим этади.

Агар сизнинг солиқлар ҳамда олдинги тузилган кредит шартномалари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликларингиз мавжуд бўлса, кредитлар таъминоти бўйича юқорида кўрсатилган кафиллик ва суғурта полиси сизга берилмайди.

Ушбу ҳолатда, сиз кредит учун бошқа таъминот турларини тақдим этишингиз зарур бўлади.

Ёш тадбиркорларга ўз фаолиятини амалга ошириш учун бино ва иншоотлардан фойдаланиш бўйича ҳам имтиёзлар мавжуд.

1. Ёш тадбиркорлар Ёшлар саноат зоналаридаги бино ва иншоотлардан ижара асосида фойдаланишлари мумкин. Бунда, бўш бино ва иншоотлар давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун белгиланадиган ижара тўловининг энг кам миқдоридан ошмаган ставкаларида ижарага берилади.

2. Кейинчалик бино ёки иншоотларни ўз балансида актив сифатида кўришни хоҳловчи ёш тадбиркорлар лизинг асосида биноларни сотиб олиш имкониятига эга.

Лизинг асосида бинолар неча фоиз асосида тақдим этилади?

Тижорат банклари томонидан ёш тадбиркорлик субъектларига биноларни лизинг асосида бериш миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкасида амалга оширилади. Бунда, бино қийматининг 10 фоизи тадбиркор томонидан бошланғич тўлов сифатида тўланади.

Таъкидлаб ўтиш зарурки, фақатгина ёш тадбиркорлар эмас, балки, ёшларни иш билан таъминлашга ўз ҳиссасини қўшаётган иш берувчилар ҳам имтиёзларга эга бўлишлари мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6208 сонли қарорига мувофиқ, жорий йил 1 майдан 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга [2] улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлари учун тўлаган ижтимоий солиқ суммаси (12 фоиз) Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.
(Муҳим!) Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар олти ой давомида узлуксиз фаолият олиб борганда еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.

Бундан ташқари, “Ёшлар дафтарига” киритилган тадбиркорларга қуйидаги имтиёзлар яратилган:

1. Тадбиркорлик учун зарур асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш мақсадида базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача (ҳозирги кунда 9,8 млн. сўмгача) субсидиялар ажратилади;

2. Деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланишда уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 бараваригача (ҳозирги кунда 1,96 млн.сўмгача) субсидиялар ажратилади;

3. Ёш тадбиркорлар бино ва иншоотларни ижарага олган бўлсалар, бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи – бироқ кўпи билан 7,35 млн. сўмгача (БҲМ нинг 25 баробари) компенсация қилинади.

Ўз лойиҳаларингизни амалиётга татбиқ этинг, тадбиркорлик билан шуғулланинг ҳамда ушбу йўлда сиз учун яратилган имкониятлар, имтиёзлардан хабардор бўлиб, улардан максимал равишда фойдаланинг!

[1]устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан зиёд бўлган суғурта ташкилотлари

[2] Бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X