Исломий молия бу қандай молиявий тизим?
Исломий молия — бу молиявий муносабатларни амалга оширишда ислом ҳуқуқи қонун-қоидалари ва тамойилларига асосланган муқобил молиявий тизим. Ўз навбатида, мазкур қонун-қоидалар ва тамойиллар алоҳида исломий молия стандартлари кўринишида ҳам қабул қилиниши мумкин.
Исломий молиянинг асосий тамойиллари нималардан иборат?
Соҳа мутахассислари томонидан исломий молиянинг қуйидаги асосий тамойиллари эътироф этилади:
1) Молиявий операцияларнинг реал активларга асосланиши ёки улар билан боғланиши
Исломий молияда молиявий операциялар савдо, шерикчилик, ижара, ишлаб чиқариш, вакиллик каби шартномалар асосида амалга оширилади ва ҳар бир тузилган шартнома ортида маълум бир турдаги реал активлар ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқи (манфаат) мавжуд бўлиши талаб этилади.
2) Қарз маблағлари устига қўшимча равишда фоизлар ёки устама белгилаш орқали даромад олишнинг тақиқланиши
Исломий молияда қарз суммасига устама миқдор (эваз) қўйиш йўли билан даромад олишга рухсат берилмайди. Муқобил равишда, исломий молия операциялари савдо, шерикчилик, ижара, ишлаб чиқариш, вакиллик ва бошқа ислом ҳуқуқи, жумладан исломий молия стандартларида мавжуд шартномалар асосида амалга оширилади.
3) Юқори ноаниқлик ёки мавҳумлик (ғарар) мавжуд бўлган операцияларни амалга оширишни тақиқланиши
Таваккалчилик исломий молияда қабул қилинса-да, у аниқ қоидалар асосида ва меъёр даражасида бўлиши лозим. Шу сабабдан, юқори ноаниқлик ёки мавҳумлик мавжуд шартномалар ёки эҳтимолий тахминларга асосланган битимлар (масалан, сунъий валюта савдолари ёки ҳосилавий шартномалар) исломий молияда тақиқланади.
4) Рухсат этилган тадбиркорлик фаолияти соҳаларини молиялаштириш
Исломий молияда айрим маҳсулотлар билан савдо қилиш ва фаолиятларни молиялаштиришга рухсат берилмайди.