Қарз юки – бу аслида нима, қандай ҳисобланади ва нима учун муҳим

Охирги янгиланиш:  25.Мар.2024 11:31 AM
493
Қарз юки – бу аслида нима, қандай ҳисобланади ва нима учун муҳим

Қарз юки кўрсаткичи ўзи нима?

Қарз юки кўрсаткичи – қарз олувчининг кредит ва/ёки микроқарзлари бўйича ўртача ойлик тўловлари миқдорининг унинг ўртача ойлик даромади миқдорига бўлган нисбати. Яъни, кредит (микроқарз) бўйича ўртача ойлик тўловларингиз даромадингиздан келиб чиқиб сизга қанчалик “молиявий юк” эканлигини белгилаб берувчи кўрсаткич.

Қайси ҳолатларда қарз юки кўрсаткичи ҳисобланади?

Ҳар бир қарз олувчига қарз берувчи томонидан кредит (микроқарз) ажратишда унинг суммаси ва қарз олувчининг амалдаги кредит (микроқарз) шартномалари бўйича асосий қарз қолдиғи йиғиндиси БҲМ нинг 50 бараваридан ошганда.

Қарз юки кўрсаткичи оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган кредитларга нисбатан тадбиқ этилмайди.

Дейлик, сиз кредит ёки микроқарз учун банк ёки микромолия ташкилотига мурожаат қилдингиз. Мурожаат вақтида сизнинг яна бошқа кредитларингиз, масалан, автокредитингиз бор. Бундай ҳолатда қарз берувчи сизнинг барча кредитларингиз бўйича умумий қолдиқ миқдорини текширади. Агар ушбу сумма БҲМ нинг (340 минг) 50 баробаридан – 17 млн сўмдан ошса, қарз берувчи тегишли маълумотлар асосида “қарз юки”ни ҳисоблайди.

Ушбу тартиб 2024 йил 1 июлга қадар амал қилади. Ундан сўнг янги Низомга кўра, қарз юки кўрсаткичи ҳар бир қарз олувчига кредит (микроқарз) ажратишда, шунингдек, кредит (микроқарз) бўйича ойлик тўловлар миқдорини оширишда, ёки муддатини узайтиришда бирдек ҳисобланади.

Мустасно ҳолатлар:

− Микромолия ташкилоти ва ломбард томонидан жисмоний шахсларга кредит (микроқарз) ажратишда қарз олувчининг мурожаати бўйича ва амалдаги барча кредит (микроқарз) шартномалари бўйича асосий қарз қолдиғи йиғиндиси
БҲМ нинг 50 баробаридан ошмаганда;

− Микромолия ташкилоти томонидан ўзини ўзи банд қилувчи шахсга микрокредит ажратишда юқорида айтиб ўтилган сумма БҲМ нинг 75 баробаридан ошмаганда.

Демак, қарз юкини ҳисоблашда қуйидаги маълумотлар керак бўлади:

1. Қарздорликлар бўйича ўртача ойлик тўловлар:

− олинаётган кредит (микроқарз) бўйича;

− қарз сўраб мурожаат қилинган вақтда барча амалдаги қарздорликлар бўйича;

− қарз олувчи кафиллик шартномасига мувофиқ кафил сифатида иштирок этган кредитлар (микроқарзлар) бўйича, агар қарз юки кўрсаткичини ҳисоблаш санасида улар бўйича 30 кундан ортиқ муддати ўтган тўловлари мавжуд бўлса.

Агар биргаликда қарз олувчи назарда тутилган тақдирда, унинг барча кредиторлар билан тузилган ҳар бир кредит (микроқарз) шартномаси бўйича.

Ўртача ойлик тўловларига қарз олувчининг амалдаги бўлиб тўлаш тўғрисидаги шартномалари бўйича тўловлари ҳам киритиладими?

Йўқ, бўлиб тўлаш шартномалари бўйича тўловлар қарз юки таркибида ойлик тўловлар сифатида инобатга олинмайди.

Қарз берувчи ўртача ойлик тўловларни қайси маълумотлар асосида ҳисоблайди?

Қарз берувчи ўртача ойлик тўловларни кредит бюроси томонидан тақдим этиладиган кредит ҳисоботидаги ва қарз берувчи бошқа расмий манбалардан олган маълумотларидан фойдаланган ҳолда ҳисоблаб чиқади. Бунда қарз берувчи актуал (олинган санаси 7 иш кунидан ошмаган) маълумотлардан фойдаланиши лозим. 

2. Ўртача ойлик даромадлар:

− иш ҳақи;

− пенсия;

− фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия бадаллари;

− қарз олувчининг банк ҳисобварақларига тушган даромадлар;

− фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар.

Агар микроқарз ажратиш ҳақидаги мурожаатда биргаликда қарз олувчи назарда тутилган бўлса, унинг ўртача ойлик даромадлари ҳам инобатга олинади.

Қарз берувчи юқоридаги маълумотларни камида охирги олти ой учун олиши зарур. Микромолия ташкилоти ва ломбард юқоридаги маълумотлар билан чекланмасдан бошқа маълумотлардан фойдаланиши мумкин.

Қарз берувчи томонидан кредит (микроқарз) ажратишда жисмоний шахснинг қарз юки кўрсаткичи:

2024 йил 1 июлга қадар 50 фоиздан;

2024 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январга қадар 60 фоиздан;

2025 йил 1 январдан бошлаб яна 50 фоиздан ошмаслиги зарур.


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 19.12.2019 йилда рўйхатдан ўтган
«Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг қарз юкини тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ( https://lex.uz/ru/docs/4654149 )

БҲМ – базавий ҳисоблаш миқдори. 2023 йил 1 декабрдан бошлаб 340 минг сўмни ташкил этади.


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2024 йил 26 январдаги “Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг қарз юкини тартибга солиш тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги 42/16-сонли қарори (https://lex.uz/pdffile/6809992 )




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Кредит тарихи

Кредит тарихи

«Микроқарз» нима ва уни қандай олиш мумкин?

«Микроқарз» нима ва уни қандай олиш мумкин?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X