Шрифт ҳажми: A A
Сайт ранги: A A

Исломий молияда қандай рухсат этилмаган амалиётлар мавжуд?

Охирги янгиланиш:  7 Сен 2026 10:25
75
Исломий молияда қандай рухсат этилмаган амалиётлар мавжуд?
1


Исломий молияда қуйидаги бошқа турдаги руҳсат этилмаган амалиётлар мавжуд: Исломий молияда фоиз олиш, ортиқча ноаниқлик ва қиморга асосланган битимлардан ташқари, адолат ва ҳалолликка зид бўлган бошқа амалиётлар ҳам тақиқланади. Уларнинг асосий мақсади молиявий муносабатларда ҳар икки томоннинг манфаатини ҳимоя қилиш ва ноҳақ даромад олишнинг олдини олишдир.

Нотўғри маълумот бериш. Молиявий муносабатлар доирасида муайян молиявий манфаатни кўзлаган ҳолда бир томоннинг иккинчи томонга маҳсулот ёки кўрсатилиши лозим бўлган хизматлар тўғрисида етарли, аниқ ва тўлиқ бўлмаган, бузиб кўрсатилган маълумотни бериши, шунингдек бошқа томонни тўғри ва асослантирилган қарор қабул қилишдан чалғитиш мақсадида маълумотни нотўғри талқинини тақдим этиш, айрим нуқсон ёки камчиликларни яширилиши билан ифодаланадиган, исломий молияда рухсат этилмайдиган хатти-ҳаракатдир.

Эксплуатация. Молиявий муносабатлар доирасида бир томоннинг ўз мавқеи, ахборот ёки иқтисодий устунлигидан ёхуд бошқа томоннинг молиявий ночорлиги, тажрибасизлиги ёки ноилож ҳолатидан фойдаланиб, шартнома шартларини асоссиз оғирлаштириш, номутаносиб таваккалчиликни юклаш ёки ошкора бўлмаган мажбуриятларни киритиш орқали ноҳақ фойда олишга рухсат берилмайди.

Адолатсизлик. Молиявий муносабатларда бир томоннинг бошқа бир томонга нисбатан ноҳақ устунлик қилишини ифодаловчи хатти-ҳаракат бўлиб, бунда нархни сунъий ошириш, монополия ёки бошқа манипулятив усуллар орқали фойда олиш каби ҳолатлар киради. Савдо ва молиявий муносабатларда бир томоннинг фойдаси бошқа томонга ноҳақ зарар етказиш ҳисобига шаклланмаслиги лозим.

Қарзни сотиш. Исломий молияда молиявий муносабатлар жараёнида вужудга келган қарз мажбуриятини бошқа томонга унинг асл миқдоридан оширилган ёки камайтирилган миқдорда сотишга рухсат берилмайди. Чунки қарзнинг ўзидан даромад олиш фоизли даромад билан боғлиқ ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Қарз билан боғлиқ операциялар ислом ҳуқуқи қонун-қоидалари, жумладан исломий молия стандартлари асосида амалга оширилади.

Савдо устига савдо қилиш. Томонлар ўртасида шартнома орқали келишилган савдо муносабатларига учинчи шахс(лар)нинг аралашиб, ўз маҳсулот(лар)ини юқори ёки пастроқ нархда таклиф қилиб асл шартномани бекор қилишга ёки заифлаштиришга рухсат берилмайди. Шунингдек, сотувчи ва харидор ўзаро келишиб турган савдони бузиш мақсадида учинчи шахснинг яхшироқ нарх ёки бошқа таклиф билан аралашишига йўл қўйилмайди. Бу талаб ҳалол рақобат ва томонлар ўртасидаги ўзаро ишонч сақланишига хизмат қилади.

Рухсат этилмаган соҳаларни молиялаштириш. Исломий молияда ислом ҳуқуқи қонун-қоидалари, жумладан исломий молия стандартларига номувофиқ деб ҳисобланган айрим маҳсулотлар билан савдо қилиш ва фаолиятларни молиялаштиришга рухсат берилмайди.   

Умуман олганда, исломий молиядаги бундай чекловлар одамларни алдов, ноҳақ шартлар ва асоссиз молиявий зарардан ҳимоя қилишга қаратилган. Асосий тамойил — молиявий муносабатларни очиқ, ҳалол ва адолатли ташкил этишдир.


Исломий молия ташкилотлари қандай ташкилотлар?

Тўлақонли исломий банк. Ташкил этилиш мақсади ва фаолияти фақат исломий молиявий хизматларни кўрсатишга қаратилган, банк фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан мустақил бўлган, яъни бошқа бош банкнинг филиали ёки таркибий бўлинмаси ҳисобланмайдиган, ўз фаолиятини фақатгина ислом ҳуқуқи қонун-қоидалари, жумладан исломий молия стандартларига мувофиқ тарзда амалга оширадиган исломий банк.

Исломий «дарча» модели. Исломий молия тизимида амалдаги анъанавий банк таркибида ташкил этиладиган, алоҳида ички назорат механизмларига эга бўлган, ислом ҳуқуқи қонун-қоидалари, жумладан исломий молия стандартларига мувофиқ молиявий хизматларни кўрсатувчи исломий «дарча» модели мавжуд. Мазкур моделда исломий “дарча” фаолиятининг исломий молия стандартларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида анъанавий банкда мустақил исломий молия кенгаши, исломий молия таркибий бўлинмаси, исломий молия ички аудитидан таркиб топадиган «исломий молия стандартларига мувофиқ бўлган бошқарув тизими»ни ташкил этиш ҳамда исломий банк фаолияти маблағларини бошқа маблағлардан ажратиш ва алоҳида юритиш (сегрегация) қоидаларига амал қилиш талаб этилади.

Исломий микромолия ташкилотлари. Бундай ташкилотлар, асосан, кичик ҳажмдаги исломий молиявий хизматларга эҳтиёжи бўлган аҳоли ва тадбиркорларга хизмат кўрсатади. Улар ҳам исломий банкларда қўлланиладиган айрим молиялаштириш усулларидан фойдаланиши мумкин.

Исломий суғурта (такафул) ташкилоти. Исломий молия тизимида ислом ҳуқуқи қонун-қоидалари, жумладан исломий молия стандартларига мувофиқ ҳолда исломий суғурта (такафул) фаолиятини амалга оширувчи исломий суғурта (такафул) ташкилотлари фаолият юритиши мумкин.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Исломий молиянинг асосий тамойиллари

Исломий молиянинг асосий тамойиллари

Исломий молияда қандай рухсат этилмаган амалиётлар мавжуд?

Исломий молияда қандай рухсат этилмаган амалиётлар мавжуд?

Исломий молия соҳасида халқаро стандартларни қабул қилувчи ташкилотлар

Исломий молия соҳасида халқаро стандартларни қабул қилувчи ташкилотлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X