Исломий молиявий фаолиятни ташкил этишда исломий молия стандартлари ҳамда шартномаларга қўйиладиган талаблар муҳим аҳамият касб этади. Исломий молия стандартлари молиявий фаолиятни Ислом ҳуқуқи қонун-қоидалари ва тамойилларига мувофиқ ташкил этишни белгиласа, шартномалар ҳам ушбу талабларга мос равишда муайян элементларга эга бўлиши лозим.
Исломий молия стандартлари нима?
Исломий молия стандартлари — исломий молия ташкилотлари томонидан исломий молиявий фаолиятни Ислом ҳуқуқи қонун-қоидалари ва тамойиллари талабларига мувофиқ амалга оширишни белгиловчи халқаро ва миллий стандартлар, қоидалар, низомлар, қарорлар, тамойиллар, йўриқномалар ҳамда бошқа турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуидир. Ушбу стандартлар исломий молия тизимида барқарорлик, шаффофлик ва тизимли уйғунликни таъминлашга хизмат қилади. Исломий молияда шартноманинг асосий устунлари Ислом ҳуқуқи талабларига мувофиқ, муайян келишув шартнома деб эътироф этилиши учун шартномада камида учта асосий элемент – (I) шартнома томонлари, (II) шартнома предмети, (III) ўзаро розилик (таклиф ва қабул) – мавжуд бўлиши лозим:.
I. Шартнома томонлари
Шартнома ҳақиқий ҳисобланиши учун унда камида икки ёки ундан ортиқ томон иштирок этиши лозим.
II. Шартнома предмети
Исломий молияда шартнома предмети қуйидаги асосий талабларга жавоб бериши лозим.
Қиймат: Предмет қийматга эга бўлиши ва Ислом ҳуқуқи, хусусан исломий молия стандартларига мувофиқ манфаат, фойда етказа оладиган предмет бўлиши талаб этилади.
Мулкдорлик: Сотувчи шартнома тузиш ва сотиш вақтида предметга эгалик қилиши ёки ишончли вакил сифатида предметнинг асл эгасидан уни сотиш бўйича тегишли ваколат олган бўлиши лозим.
Мавжудлик: Ислом ҳуқуқи, хусусан исломий молия стандартларига мувофиқ умумий қоидага кўра шартнома тузилаётган вақтда шартнома предмети мавжуд бўлиши лозим. Бироқ истисна ва салам каби исломий молия шартномаларида келажакда етказиб бериладиган предметга нисбатан шартнома тузишга рухсат берилади. Бундай ҳолатда мазкур шартномаларнинг махсус қоидалари ва шартларига тўлиқ амал қилиниши лозим. Етказиб бериш (тасарруфга ўтказиш имконияти): Шартнома предмети харидор тасарруфида бўлиши ва мазкур шартнома предметини харидорга етказиб бериш имконияти мавжуд бўлиши лозим.
Аниқлик: Шартнома предметининг сифатлари (масалан тури, миқдори, нави ва ҳ.к) шартномада аниқ тавсифланган бўлиши лозим.
III. Ўзаро розилик (таклиф ва қабул)
Шартноманинг яна бир асосий элементи — томонларнинг ўзаро розилигидир. Бунда бир томон аниқ таклиф билдириши, иккинчи томон эса ушбу таклифни қабул қилиши лозим. Томонларнинг розилиги эркин, онгли ҳамда ҳеч қандай ташқи босим ва мажбурлашларсиз билдирилиши керак.
Хулоса
Исломий молия стандартлари исломий молиявий фаолиятни Ислом ҳуқуқи
қонун-қоидалари ва тамойиллари талабларига мувофиқ ташкил этишни белгилайди. Шартнома эса Ислом ҳуқуқи талабларига мувофиқ деб эътироф этилиши учун шартнома томонлари, шартнома предмети ва ўзаро розилик каби асосий элементларга эга бўлиши лозим. Шартнома предмети қиймат, мулкдорлик, мавжудлик, етказиб бериш имконияти ва аниқлик талабларига жавоб бериши, томонларнинг розилиги эса эркин ва онгли равишда билдирилиши керак.